ҚАДИМИЙ ДИНИЙ ТАСАВВУРЛАРНИНГ МОДДИЙ МАНБАЛАРДА АКС ЭТИШИ

  Шукрулло Насриддинов (Наманган, Ўзбекистон) |    Download article

Дунё халқларида ибтидоий даврдан бошлаб турли диний қарашлар мавжуд бўлган. Ушбу диний қарашларнинг турли-туман бўлишига ҳудудларнинг жойлашган ўрни, аҳолининг турмуш тарзи ва дунёқараши сабаб бўлган. Табиий муҳит илк диний қарашларнинг вужудга келишида ва ривожланишида муҳим рол ўйнаган. Дастлабки диний тасаввурлар сўнгги палеолит даврида (мил.авв. 40-12 минг йилликлар) пайдо бўлган [1, б. 179]. Бундай диний қарашлар жумласига тотемизм, анимизм, магия, фетешизм каби диний қарашлар киради. Этнографик маьлумотларга қараганда, диний қарашлар, асосан, овчилик ва чорвачилик билан шуғулланган қабилаларнинг асосий эътиқодларидан бири бўлиб келган. Кейинчалик деҳқончилик ривожланиши натижасида ер ва ўсимлик дунёси, уларни табиатни янгиловчи, ўзгартирувчи ва бошқа хусусиятлари, инсон учун зарур бўлган жиҳатлари уларга сиғинишни келтириб чиқарган ва бу ҳолатнинг ривожланишига олиб келган.