ЎРТА ОСИЁ ВА ЕВРОПА ЎРТАСИДАГИ ИҚТИСОДИЙ АЛОҚАЛАРИДА МОСКВА ДАВЛАТИНИНГ ТУТГАН ЎРНИ ХУСУСИДА (XVI-XVII асрлар)

  Анвар Эрқўзиев (Наманган, Ўзбекистон) |    Download article

Москва давлати ҳудуди жаҳон савдосининг ғарб-шарқ йўналишидан шимол-жануб йўналишига ўзгариши оқибатида қуруқликдаги жаҳон савдосининг марказларидан бирига айланган. Бу эса Ўрта Осиё давлатлари ва Россия ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг йўлга қўйилишига хизмат қилган. XVI асрга келиб, марказлашган Россия давлатининг ташкил топиши билан унинг ҳудудий-географик имкониятлари кенгайган. Шу сабабдан, жанубий ўлкаларга олиб борадиган савдо йўлларида ўзгаришлар юз бериб, улар фаолияти такомиллашган. Савдо йўллари орқали туташадиган чегара ва йирик савдо шаҳарларида божхоналар фаолият юритган. Россия ҳудудида рус ҳукумати фармони билан ташкил этилган божхоналар карвон йўллари бўйлаб жойлашган бўлиб, улар Астрахань, Оренбург, Орск, Троицк, Семипалатинск, Петропавловск, шунингдек, Россиянинг деярли барча шаҳарларида мавжуд эди.