ҚОРАМОЛЧИЛИК ТЕРМИНЛАРИНИНГ ЛЕКСИК-СЕМАНТИК ТАСНИФИ

  Олима Ўринова (Карши, Узбекистан)  |    Download article

Ўзбек тилининг умумистеъмол лексик қатламида бўлгани каби, унинг соҳавий лексикаси тизимини ўрганишда ҳам мавзу-мазмун асосида катта ва кичик гуруҳларга ажратиб тадқиқ қилиш устувор аҳамият касб этмоқда. Тадқиқот объекти бўлган қорамолчилик терминологияси тизими ҳам бу соҳанинг ўзи каби узоқ тарихий тараққиётни босиб ўтди ва шу боисдан қўлимизда тўпланган қорамолчилик соҳаси терминлари катта миқдорни ташкил этади. Бу миқдорнинг ўзиёқ ушбу соҳа лексик тизимининг кенг қамровлилиги ва ўз-ўзидан кўплаб микротизимларга эгалигини кўрсатади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур терминларнинг тахминан 30-40 фоизи изоҳли луғатда акс этмаган. Шу билан биргаликда шу кунгача ушбу соҳа лексикасини ўз ичига қамраб олган бирорта, катта ёки кичик бўлсин, терминологик луғат (хоҳ изоҳли, хоҳ изоҳсиз) тузилмаган. Шунинг ўзиёқ халқимизнинг шу соҳага мансуб бой лисоний мероси ўз тадқиқотчисини кутиб турганлигини ва бу лексикографларимиз зиммасига улкан масъулият юклашини кўрсатади.