Хона гулллари инсонларни қадимдан ўзига жалб қилиб келган. Табиат мўъжизаси бўлган гулларнинг турлари жуда кўп. Шулардан бири ўзининг чиройли барглари, ранг-баранг гуллари ва хушбўй ҳиди билан ажралиб турувчи пеларгониядир. Пеларгония (Pelargonium) – ёронгулдошлар (Geraniceae) оиласи вакили. Оиланинг ер юзида 11 туркумга мансуб 650 га яқин тури мавжуд. Ўзбекистонда 4 туркумга мансуб 20 тури ўсади. Бу ўсимликнинг ёввойи турлари чўл, адир ва тоғ зоналарида учрайди. Бу оилага мансуб бир йиллик, кўп йиллик ўт ва чала бутасимон ўсимликларни учратиш мумкин. Пеларгония эфир мойли ярим бута ҳисобланади. Бу ўсимликнинг асл ватани – Жанубий Африка. Ҳар қандай ўсимликни ўстирмоқчи бўлган инсон аввало ўша ўсимликнинг ватани қаерлигини билиш лозим. Ўсимликлар ҳақидаги бундай маълумотлар, билимлар асосида уларнинг парваришини тўғри йўлга қўйиш мумкин. Пеларгония – ёруғсевар ўсимлик, лекин тўғри тушган қуёш нурлари ўсимлик учун зарарли. Бундай шароитда ўсимлик барглари ўзининг яшил рангини йўқотади. Шу билан биргаликда совуққа анчайин чидамли ўсимлик. Пеларгония барги буйраксимон шаклда, панжасимон томирланган, қисман тўлқинсимон тузилган. Барглари пояда кетма-кет жойлашган. Ёш пояларининг ранги яшил, кўп йиллик пояларининг ранги қисман яшил-қўнғир. Пояси ва барглари ташқи томондан майда, майин тукчалар билан қопланган. Оч қизил, ҳаворанг, оқ, тўқ қизил ва пушти ранглардаги гуллари соябонсимон тўпгулда жойлашган. Гуллари тўғри, икки жинсли. Пеларгониянинг барги ва гулидан хушбўй эфир мойи олинади. Халқ табобатида дори сифатида ишлатилади.
ХОНА ЎСИМЛИГИ ПЕЛАРГОНИЯ (PELARGONIUM) НИ ЎСТИРИШ ВА КЎПАЙТИРИШ
Хамдам Турсунбоев, Моҳира Айтекова (Нукус, Каракалпакстан) | Download article