ЖАДИД МАТБУОТИДА АХЛОҚИЙ ТАРБИЯ МУАММОЛАРИ

  Улуғбек Мансуров (Наманган, Узбекистан)  |    Download article

Жадид матбуоти озодликни, Ватанни жондан ортиқ севувчи, илғор тушунган, ҳар томонлама камол топган эркин Туркистон фуқаросини тарбиялашни ўз олдига вазифа қилиб қўйди. Афсуски, дастлабки феврал инқилоби берган ҳуррият узоққа чўзилмади. Большевикларнинг 1917 йилнинг 25 октябрида амалга оширган давлат тўнтариши тез орада унинг ютуқларини йўққа чиқарди, Ленин бошчилигида ишлаб чиқилган янги мустамлакачилик режаси асосида барча тараққийпарвар кучлар қатағон қилинди. Фалсафий фанлар, шу жумладан, ахлоқшунослик ҳам тараққиётдан тўхтади; улар мафкурага буйсундирилиб, сохталаштирилди; эркин фикр таг-туги билан қўпориб ташланди. Шу сабабли жадидчилик ўз олдига қўйган вазифаларни тўла адо этолмади. Лекин, шунга қарамасдан, Туркистондаги бу маърифатчилик ҳаракати, қисқа муддат фаолият кўрсатган бўлса ҳам, мазлум халқларни маълум маънода уйғота олди.