ТОРТИНЧОҚ ЎҚУВЧИЛАР БИЛАН ИШЛАШДА ПСИХОЛОГИК ТРЕНИНГЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

  Ахрорбек Ғаниев (Наманган, Узбекистан) |    Скачать статью

Ҳозирги даврда ёшларни мустақил фикрлашга ўргатиш, ижодий фикр юритиш имкониятларини шакллантириш муаммоси республикамизнинг таълим тизими олдида турган энг долзарб масалаларидан биридир. Ушбу муаммонинг долзарблиги мамлакатимиз Президенти И.А.Каримовнинг ёшлар тарбияси муаммосига бағишланган ҳар бир нутқлари, интервью ва фундаментал асарлари ғоясида ҳам ўз ифодасини топган. Жумладан, юртбошимиз кенг жамоатчиликнинг диққат-эътиборини ушбу мавзуга қаратган ҳолда шундай фикрларни муҳокамага ташлаганлар: “Демократик жамиятда болалар, умуман ҳар бир инсон эркин фикрлайдиган қилиб тарбияланади. Агар болалар эркин фикрлашни ўрганмаса, берилган таълим самарасиз бўлади. Албатта, билим керак, аммо билим ўз йўлига, мустақил фикрлаш ҳам катта бойликдир”. Зеро, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” ҳамда “Таълим тўғрисида”ги Қонунни амалга оширишдан кўзлаган асосий мақсади бу жамиятда мустақил, эркин ва ижодий фикрлайдиган шахсни шакллантиришдан иборатдир.