АБУ НАСР ФОРОБИЙНИНГ ЖАМИЯТ ВА УНИ БОШҚАРИШ ҲАҚИДАГИ ҚАРАШЛАРИ

  Бахтиёр Бўронов (Наманган, Ўзбекистон) |    Скачать статью

IХ-ХII асрларда Марказий Осиё ҳудудида бутун мусулмон дунёсига ўзларининг асарлари билан танилган, аждодларимизнинг илмий ютуқларини хотирада сақлаб, жаҳон илмий тафаккурининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк алломалар етишиб чиққан. Улар олиб борган тадқиқотлар, уларнинг амалга оширган кашфиётлари жаҳон, умуминсоният фани ва маданиятининг олтин хазинасини ташкил этади [1]. Шундай улуғ алломалардан бири Абу Наср Форобий (873-950 йиллар)дир. Ўрта асрнинг бир фанча илмий ютуқлари, умуман, Яқин ва ўрта Шарқ мамлакатларидаги тараққийпарвар ижтимоий-фалсафий тафаккур тараққиёти унинг номи билан боғлиқ. У ҳаётлик вақтидаёқ «Иккинчи Аристотел», «Шарқ Аристотели», «Муаллимин ас-соний» деган фаҳрий ном олган эди. Бу унинг илми ва ҳизматларига берилган юксак баҳодир [2]. Форобий асарлари Шарқ ва Ғарб олимларини ҳалигача билим доирасининг кенглиги билан ҳайратга солиб келмоқда. У фаннинг турли соҳалари бўйича 160 дан ортиқ асар ёзган, лекин кўплари бизгача етиб келмаган.