ХИВА ХОНЛИГИНИ АҒДАРИЛИШИНИНГ ИЖТИМОИЙ–СИЁСИЙ ВА ИҚТИСОДИЙ ОҚИБАТЛАРИГА ДОИР

  Бахтияр Курбанов (Наманган, Ўзбекистон) |    Скачать статью

Ўзбекистоннинг ўз давлат суверенитетини қўлга киритиши ватанимиз тарихига оид илмий-тадқиқот ишларини миқдор ва сифат жиҳатдан янги юқори савияга кўтариш заруратини тақозо этди. Мазкур вазифа Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримовнинг 1998 йил 26 июнда бир гуруҳ тарихчи олимлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашувида ҳамда ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 27 июлдаги “ЎзФА Тарих институти фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида долзарб қилиб қўйилди. Қарорда ”ҳудудимизда ... давлатчилик ривожининг турли тарихий босқичларида халқларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маънавий масалаларини” [1, б. 2] ўрганиш устувор йўналиш сифатида белгиланиб, унга алоҳида эътибор қаратилди. Шу ўринда Ўзбекистон тарихида муҳим ўрин тутган Хива хонлиги тарихини ўрганиш, унга холисона баҳо бериш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, хонликнинг XIX аср охири – XX аср бошларидаги тарихи ўзбек давлатчилиги тарихининг босқичи сифатида алоҳида эътиборга молик бў-либ, тарих фани учун долзарб аҳамиятга эгадир. Бу даврда хонлик Россияга қарам давлатга айлантирилган бўлиб, ўз сиёсий мустақиллигини йўқотган, лекин ички бошқарув тизимини сақлаб қолган эди. Ана шундай шароитда хонликда кечган ижтимоий-сиёсий жараёнлар ва сиёсий курашлар тарих фанида ҳалигача ўз баҳосини олмаган.