ФАРҒОНАНИНГ ЗОТЛИ ОТЛАРИ (ЎТМИШ ВА ҲОЗИРГИ ЗАМОН)

  Жавлон Мирзавалиев (Наманган, Ўзбекистон) |    Скачать статью

Бундан бир аср аввал ер куррасида қарийб юз миллионга яқин от бор эди. Эндиликда уларнинг сони 30 млн.га қадар камайган, чунки отлар ўрнини машиналар эгаллаган. Лекин шунга қарамай ер куррасининг турли минтақаларида отлар ҳали ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Отлар табиатнинг ажойиб инъоми бўлиб, ўзида хушқадлиги қудратини, улуғвор мазмунлиг-у тезкорликни мужассан этган. Ўзбек халқида шундай гап бор: “От минганга инсу жинслар яқинлаша олмайди ,чунки отда дев бўлиб, инсу жинслар отнинг девидан қўрқади”, - деб таъкидланади. Ҳатто одамлар учишга қодир қанотли отлар борлигига ишонишган. Самовий отлар тўғрисидаги афсоналар Ўрта Осёнинг турли минтақаларида оғиздан оғизга кўчиб юрган. Хитой сайёҳи Чжан Цзян (мил. авв. II аср ) Довоннинг (Қадимги Фарғона) учар отларига доир ёзма маълумотлар қолдирган. Довоннинг машҳур “самовий отлари” тасвирлари туширилган қоятош суратлари бизнинг кунларимизга қадар сақланиб қолган. Хусусан, Ўшдан 8 км узоқликдаги Айримчатовнинг қоя адирларида 30 та чиройли зотдор отларнинг тасвирлари бор. Худди шунга ўхшаш тасвирлар Марҳамат яқинидаги Аравон қоясидан, Навкат воҳаси ва Обиширсойдан ҳам топилган. Қояларда тасвирланган отларнинг аксарияти чайир, яғрини баланд, оёқлари алифдек, мўъжазгина каллали, узун оҳистагина эгилган бўйинли бўлиб, зотли отнинг ўзига хос белгиларидир [1, б.101].