АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ - ЁШЛАР ИЖТИМОИЙ РИВОЖЛАНИШИ ОМИЛИ

  Муяссар Тожиахмедова (Узбекистон, Наманган) |    Завантажити статтю

Илм-фан тобора ривожланиб бораётган бугунги кунда инсониятнинг ахборот олишга бўлган эҳтиёжи ҳам ортмоқда. Бу талабни қоплаш йўлида фаолият юритаётган ахборот тарқатиш воситалари талайгина. Булар орасида Интернет барча фойдаланувчилар учун қулайлиги, арзонлиги, ҳар қандай янгиликни оммага етказишда тезкорлиги билан етакчилик қилмоқда. Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан жамиятнинг барча жабҳалари, хусусан, таълим тизимида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланишни йўлга қўйишга қаратилаётган улкан эътибор самараси ўлароқ, бугун жамиятнинг барча соҳалари ва халқимиз турмуш тарзига компьютер технологиялари чуқур кириб боряпти. Бундай воситалар аҳоли хонадонларида ҳам ўз ўрнини топмоқда.