Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўтмиш мумтоз адабиётимизнинг Алишер Навоийдан кейин етишиб чиққан энг улуғ сиймосидир. Бобур ҳаёти ўта нотинч, кўпинча сарсон-саргардонликда кечган бўлса ҳам, ундан авлодларга ранг-баранг ва қимматли асарлар мерос бўлиб қолди. Бобур ажойиб шеърлар ёзиб, иккита девон тартиб берди, «Бобурнома»дек улкан тарихий-бадиий асар яратди. Бобурнинг «Рисолаи аруз» деб номланган асари Алишер Навоийнинг «Мезон ул-авзон» асаридан кейин туркий тилда аруз вазнига бағишланган иккинчи қимматли асар бўлди.