«БОБУРНОМА» ЖАҲОН КЕЗАДИ

  Улғуза Назирова (Карши, Узбекистан)  |    Завантажити статтю

Ўзбек халқи қардош халқлар ва қўшни шарқ халқлари билан биргаликда моддий – маданий бойликларни бунёдга келтиришда жуда қадим замонлардан буён фаол қатнашиб келмоқда. Ўзбек халқи Ўрта Осиёдаги бошқа қардош халқлари билан бир қаторда ўзининг асл фарзандлари – Муҳаммад ал – Хоразмий, Форобий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Улуғбек каби жаҳон илм – фани хазинасига ўлмас ҳиссалар қўшган ажойиб олимлари билан ҳақли равишда фахрланади. Халқимиз орасидан етишиб чиққан Навоий, Лутфий, Атоий, Саккокий, Турди, Махмур, Гулханий, Мунис, Огаҳий, Муқимий, Фурқат, Завқий ва Аваз Ўтар каби классик шоирлар ўзларининг ғоявий жиҳатдан пишиқ, бадиий жиҳатдан гўзал асарлари билан сўз санъатини юксак даражага кўтардилар, унинг ривожига катта ҳисса қўшдилар. Уларнинг ажойиб инсоний фазилатларини куйловчи, даврнинг замонга кўра прогрессив ғояларини тарғиб қилувчи, юксак бадиий дид билан яратган асарлари жаҳон адабиёти ва маданияти хазинасида ўзига хос фахрли ўринни эгаллаб келмоқда.