ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ШАҲАР ДУМАЛАРИГА САЙЛОВЛАРНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ ТАРИХИГА ДОИР

  Ёдгор Болтабоев (Наманган, Ўзбекистон) |    Завантажити статтю

Шаҳарлар ҳар бир жамиятнинг ажралмас қисми бўлиб, жамият билан биргаликда айрим синфлар ёки ижтимоий гуруҳларнинг манфаатларини кўзлаб эмас, балки жамиятнингн барча аъзолари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ривожланиб боради. Мамлакатда шаҳарлар тараққиёти уларнинг иқтисодиётга қўшадиган ҳиссаси самарадорлигини оширишни, аҳоли турмуш шароити ва яшаш тарзини яхшилашни ўз ичига олади. Турли хил шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий жиҳатдан ривожлантириш, шу шаҳарларда истиқомат қилаётган кенг аҳоли қатламларини турмуш даражасини у ёки бу даражада ўзгаришида муҳим аҳамият касб этади. 1917 йил февраль инқилобининг натижасида Россияда 305 йил давом этган Романовлар сулоласи ва империя тузуми ағдариб ташланган. Россия империясидаги февраль инқилобининг ғалабаси ва подшонинг мустабид тузумини ағдарилганлиги ҳақидаги хабар, 1917 йил 3 март куни Фарғона вилоятининг Скобелев, Қўқон, Андижон, Наманган, Марғилон ва бошқа шаҳарларига етиб келган. Бу хабар мустамлака тузумидан азият чеккан барча Туркистон ўлкаси фуқоролари томонидан, шу жумладан Фарғона вилояти фуқаролари томонидан катта қувонч билан кутиб олинган. Скобелев шаҳридан Тошкент шаҳрига юборилган телеграммада “Шаҳарда оммавий хурсандчилик ва кўтаринки кайфият. Шаҳар аҳолиси ва шаҳардаги ҳарбий қисмлар катта қувонч билан янги тузилган хукумат томонига ўтдилар. Шаҳардаги полиция қисмлари қуролсизлантирилди” сўзлари битилган эди [1, с. 101].