СОВЕТ ДАВРИ ТАҚИҚОТЛАРИДА ТАҚВИМИЙ МАРОСИМЛАР МАВЗУСИНИНГ ЁРИТИЛИШИ

  Абдилатип Саримсоқов (Наманган, Ўзбекистон) |    Завантажити статтю

ХХ аср иккинчи ярмидан бошлаб Европа ва Шарқий Осиё халқларининг йил тақвими билан боғлиқ урф-одат ва маросимлари махсус тадқиқ этила бошланган [1]. Шулар қатори Марказий Осиё халқлари тақвимий маросимларининг айрим элементлари у ёки бу тадқиқот доирасида ёритилган. Бироқ, ўзбек халқи тақвимий маросимлари тадқиқот объекти сифатида махсус ўрганилмаган. Тақвимий маросимлар ва улар билан боғлиқ қарашлар мазкур даврда яратилган йил тақвимлари, самовий қарашлар, қадимий эътиқодлар, табиат культлари, маиший турмуш тарзи ва хўжалик машғулотларига оид тадқиқотларда қисқача ёритилган ёки айрим мақолалардагина акс этган. Ушбу мақолада совет даврида яратилган адабиётлар ҳамда амалга оширилган тадқиқотларда тақвимий маросимлар масаласи қай даражада ўрганилганлигини ёритишга ҳаракат қиламиз. Тақвимий маросимлар мавзусини совет даври тарихшунослигида ёритилишини уч гуруҳга бўлиш мумкин, яъни 20–30 йиллар тадқиқотлари, 40–70 йиллардаги илмий изланишлар ҳамда 80- йиллар тадқиқотлари каби даврларга бўлиш мумкин.