Инсон руҳияти, унинг мураккаб руҳий оламига хос сир-синоатлар барча даврларда ҳам энг долзарб ва қизиқарли муаммолардан бўлиб келган. Дастлабки илмий психологик қарашлар антик давр файласуфлари томонидан ўзига хос тарзда ёритиб берилган бўлиб, у аста-секин бутун дунё файласуфлари қарашларига ўз таъсирини кўрсатди. Жумладан, шарқ мутафаккирлари ижодида ҳам инсон руҳияти, унинг билиш жараёнлари, индивидуал-психологик хусусиятлари, ҳиссий ҳолатларининг намоён бўлиши масаласи марказий ўринни эгаллайди. Шарқ психологик қарашларининг ривожланишида буюк қомусий олим, файласуф ва мутафаккир Абу Наср Форобийнинг хизматлари беқиёсдир. Форобийнинг инсон ва унинг руҳий жараёнлари тўғрисидаги фикрлари унинг илғор ғояларидандир. У инсондаги руҳий жараёнларни санаб ўтиш билангина чегараланмай, балки бу жараёнларнинг келиб чиқиши, тартиби, ҳар бирининг роли тўғрисида ҳам мулоҳаза юритди. Инсоннинг руҳий қувватлари психик жараёнлари Форобий асарларида анчагина кенг ёритилган.[1,44б. ] Форобийнинг инсон ва унинг психикаси ҳақидаги фикрлари “Фозил одамлар шаҳри”, “Масалалар моҳияти”, “Фалсафий саволлар ва уларга жавоблар”, “Жисм ва акциденцияларнинг шаклларга қараб бўлиниши”, “Шарҳлардан”, “Ҳикмат маънолари”, “Ақл маънолари тўғрисида” каби қатор асарларида баён этилган. Форобий ўзининг психологик таълимотида Ўрта Осиё, Эрон, Ҳиндистон ва Қадимги Грециянинг табиий-илмий билимлар соҳасида, хусусан тиббиёт соҳасида эришган ютуқларига асосланди. Форобий одам организмини биологик жиҳатдан таҳлил қилиш билан кифояланмай, унинг психикасини таҳлил этишга ҳам эътибор қаратган.
АБУ НАСР ФОРОБИЙ ИНСОН РУҲИЯТИ ҲАҚИДА
Муножат Асранбаева (Наманган, Ўзбекистон) | Завантажити статтю