Ўзини ўзи назорат қилиш – шахснинг жисмоний ҳамда руҳий фаолиятини ўзи онгли равишда назорат қилиб туришидан иборат ижобий сифати бўлиб, унинг бир қанча турлари мавжуд. Сенсор ўзини ўзи назорат қилиш идрок фаолиятини назорат қилиш билан белгиланади. Сенсомотор ўзини ўзи назорат қилиш идрок билан ҳаракатларнинг биргаликдаги фаолиятини назорат қилиш, ўзини ўзи назорат қилиш малакаларининг таркиб топишида, ҳаракатдаги хатоларни кузатишда яққол намоён бўлади. Шахсда ўзини ўзи назорат қилишнинг шаклланиши муаммоси психология фанининг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Ўзини ўзи назорат қилиш муаммоси доирасида хориж психологлари томонидан бир қатор тадқиқотлар олиб борилган. Жумладан, хориж психологлари ўтказган тадқиқотларда ўзини ўзи назорат қилишнинг таркибий қисмлари, яъни ўзини ўзи назорат қилишнинг тузилиши, ривожланиш даражаси, шахс хусусиятлари ва психик жараёнлар билан ўзаро боғлиқлиги, хулқ-атвор ва фаолият жараёнида ўзини ўзи назорат қилишнинг ўрни ва функциялари ҳамда ўзини ўзи назорат қилишнинг ёш ва индивидуал хусусиятларга алоқадорлиги масалалари атрофлича ўрганилиб, бу борада катта ҳажмдаги илмий маълумотлар тўпланган. Ўзини ўзи назорат қилиш муаммоси борасида М.И.Боришевский, В.В.Давидов, Л.Б.Ительсон, А.Н.Леонтьев, Т.И.Гавакова, Ю.Куль, Е.П.Ильин, В.Прейер, С.Л.Рубинштейн, Г.Спенсер, Е.И.Бойко, Дж.Сёлли, Я.И.Цурковский, Г.А.Собиева, Н.И.Кувшинов, А.С.Линда, А.Я.Арет, Г.Ширбутани, П.П.Блонский, Л.В.Доменская ва бошқалар томонидан илмий изланишлар олиб борилган. Ўзини ўзи назорат қилиш муаммосини психологик жиҳатдан ўрганган олимлардан бири З.Фрейд бўлиб, у шахснинг ўз хулқ-атворини бошқариш қобилиятини тушунтириш учун қарор қабул қилиш, хулқ-атворни назорат қилиш билан боғлиқ бўлган бир қанча ички психик агентларни санаб ўтади. З.Фрейд ўзини ўзи назорат қилишни “Мен”нинг ўзини ўзи ҳимоялаш инстинкти сифатида таҳлил қилади. Унинг назарида “Мен”нинг ривожланиши автоматик тарзда ўзини ўзи назорат қилиш кучайишига олиб келади [8]. Кейинчалик хориж психологлари ўзини ўзи назорат қилиш ўзлаштирилган стратегия эканлигини уқтира бошладилар (А.Бандура, Б.Мишель, Г.Девирсон, Ф.Логан, Д.Премарк, Б.Энглин, Е.Торенсон, М.Махони ва бошқалар). Натижада ўзини ўзи назорат қилиш ўзини ўзи идора қилиш билан турлича тушунча эканлиги амалда исботини топди.
ШАХСДА ЎЗИНИ ЎЗИ НАЗОРАТ ҚИЛИШНИНГ ШАКЛЛАНИШИГА ДОИР НАЗАРИЙ МУШОҲАДАЛАР
Н.Мадалиева, У.Орипова (Тошкент, Ўзбекистон) | Завантажити статтю