МИЛЛИЙ ДАВЛАТЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ТАРИХИЙ ТАЖРИБА ВА АЖДОДЛАР МЕРОСИНИНГ АҲАМИЯТИ

  Шавкатжон Имомов (Наманган, Ўзбекистон) |    Скачать статью

Аждодларимиз тафаккури ва даҳоси билан яратилган энг қадимги тошёзув ва битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналаридан тортиб, бугунги кунда кутубхоналаримиз хазинасида сакданаётган минг-минглаб қўлёзмалар, уларда мужассамлашган тарих, адабиёт, санъат, сиёсат, ахлоқ, фалсафа, тиббиёт, математика, минералогия, кимё, астрономия, меъморлик, деҳқончилик ва бошқа соҳаларга оид қимматбаҳо асарлар бизнинг буюк маънавий бойлигимиздир. Бунчалик катта меросга эга бўлган халқ дунёда камдан-кам топилади. Ислом Каримов Ўзбекистон бугунги кунда ўз миллий давлатчилигини тиклаш, унинг ҳуқуқий тизимини шакллантириш ва шу асосда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан бормоқда. Истиқлол даврига келиб миллий давлатчилик тажрибаларини, унинг ғоявий, сиёсий, ҳуқуқий негизларини илмий тадқиқ қилиш, ҳар томонлама ўрганиш стратегик вазифага айланди. Ўзбек давлатчилиги ривожининг ғоявий-тарихий тажрибасига таяниш конституциявий тамойил бўлиб, Асосий қонунимизнинг муқаддимасида кўрсатиб берилган. Шу боис мустақиллик йилларида буюк аждодларимизнинг муборак номларини қайта тиклаш, бой ва ноёб меросини ўрганиш, табаррук қадамжоларни обод қилиш бўйича кўп эзгу ишлар амалга оширилди.