ТАЪЛИМ ФАЛСАФАСИ ФАНИГА ОИД МУЛОҲАЗАЛАР

  Акбаржон Душаев (Гулистан, Узбекистан) |    Завантажити статтю

Таълим муаммолари, унинг ҳозирги замони ва келажаги бутун жамият учун ҳар доим долзарб бўлиб келмоқда. Айниқса бу муаммолар ҳозирги кунда, яъни ахборот цивилизациясининг шаклланиши даврида, янги технологияларнинг шиддат билан тараққий этиб бораётган замонда ниҳоятда долзарб ҳисобланади. Сўнгги йилларда таълим фалсафаси деган янги фан фаол ривожланиб бормоқда. Фалсафа ва таълим тушунчаларини нима боғлайди, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Таълимнинг замонавий тизими ўзининг асосий хусусиятларини ўтган аср мобайнида маълум фалсафий ва педагогик ғоялар таъсири остида шаклланган. Ушбу ғоялар 18 аср охири -19 аср бошларида Коменский, Песталоции, Фребель, сўнгра эса Гербарт, Дистервег, Дьюи ва илмий педагогиканинг бошқа асосчилари томонидан шакллантирилган бўлиб, умуман олганда таълимнинг “мумтоз” (классик) тизимини ташкил этади. Бу модель икки аср давомида эволюцион юксалишни бошидан кечирган бўлса-да, унинг асосий тавсифлари ўзгармаган.