АНЪАНАВИЙ МИЛЛИЙ ҲУНАРМАНДЧИЛИКДА РАМЗЛАР СЕМАНТИКАСИ

  Саодат Давлатова (Тошкент, Ўзбекистон) |    Завантажити статтю

Ўзбек миллий ҳунармандчилигида шакл ва безак семантикаси масалалари нафақат санъатшунослик балки, этнологиянинг айрим масалаларини ўрганишда ўзига хос муаммолардан бири ҳисобланади. Айниқса, ҳунармандчилик, яъни халқ амалий санъатида ҳар қандай тасвир ва ранг маълум бир маънога эга бўлган. Шунингдек, уларда акс этган рамзлар, тасвирлар, элементларда ифодаланган кишиларнинг табиат ҳодисалари ҳақидаги мураккаб дунёқарашини акс эттирган. Безак, ашёлар, кашталар табиат ҳодисалар тўғрисидаги рамзларнинг унутилган жиҳатларини вақтлар ўтиши билан ўзида сақлаб қолувчи хусусиятга ҳам эга бўлади. Бу шакл ва семантик тасвирлар ўзида шу қадар кўп ахборотни жамлайдики, вақти келиб уларни тавсифлаш ва тасвирлаш керак бўлади. Амалий безак санъатида ҳам тасвирланган нақшлар шунчаки шакл бўлиб қолмасдан, балки муҳим этнографик манбалардан бири ҳам саналади. Ушбу нақшлар халқнинг диний тасаввурлари ва эътиқодлари билан бевосита боғлиқдир. Нақшлар ўз хусусиятларига кўра қуйидаги турларга бўлинади: геометрик, ўсимлик шаклидаги, зооморф (ҳайвон шаклидаги) ва антропоморф (одам) нақшлар [1, с. 12]. Улар орасида зооморф нақшлар ўз ичига ҳақиқий ёки хаёлий жониворларнинг услубий тасвирини олади (бундай нақшлар одатда, “ёввойи”услуб деб ҳам номланади). Зооморф нақшларни айниқса, тўқимачилик ва каштачилик буюмларида кўп учратиш мумкин.