МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ЎЗБЕКИСТОНДА МИЛЛИЙ ВА МАЪНАВИЙ ҚАДРИЯТЛАРНИНГ ТИКЛАНИШИ

  Муяссар Тожиахмедова (Наманган, Ўзбекистон) |    Завантажити статтю

Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ аждодларимиз томонидан кўп асрлар мобайнида яратиб келинган ғоят улкан, бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган ниҳоятда муҳим вазифа бўлиб қолди. Халқимиз сиёсий мустақиллик ва озодликни қўлга киритгач, ўз тақдирининг чинакам эгаси, ўз тарихининг ижодкори, ўзига хос миллий маданиятининг соҳибига айланди. Мустақилликка эришилганидан сўнг Ўзбекистон раҳбарияти, энг аввало, халқимизнинг эҳтиёжи, орзу-истаклакрини ҳисобга олиб, азалий байрамларни тиклашга ва янги истиқлол байрамларини шакллантиришга катта эътибор бера бошлади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримов Фармонлари асосида “Наврўз”, “Рўза ҳайити”, “Қурбон ҳайит” лари расман тикланиб, халқ ўртасида кенг нишонлана бошлади. Шунингдек, истиқлолни шарафлайдиган байрамлар “Мустақиллик куни” ва “Конституция куни” жорий этилди. Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарияти советлар даврида пайдо бўлган барча байрамларни тақиқламади. Улар орасида умуминсоний ғоя ва қадриятларни тарғиб қилувчи “Янги йил байрами”, “Хотин-қизлар байрами” кабилар сақлаб қолинди [1]. Тарих хотираси, халқнинг жонажон ўлканинг, давлатимиз ҳудудининг ҳолис ва ҳаққоний тарихини тиклаш миллий ўзликни англашни, таъбир жоиз бўлса, миллий ифтихорни тиклаш ва ўстириш жараёнида ғоят муҳим ўрин тутади. Тарих миллатнинг ҳақиқий тарбиячисига айланиб бормоқда. Буюк аждодларимизнинг ишлари ва жасоратлари тарихий хотирамизни жонлантириб, янги фуқаролик онгини шакллантирмоқда. Ахлоқий тарбия ва ибрат манбаига айланмоқда.